Ҳаётда кечиримли бўлиш, билиб-билмай қилинган хатолардан чин дилдан пушаймон бўлиш инсонийликнинг энг юксак фазилатларидандир. Айниқса, адашган инсонларга тузалиш йўлига қайтиш учун имконият бериш жамиятда меҳр-оқибат ва адолат тамойилларини мустаҳкамлайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 декабрдаги ПФ-242-сонли “Авф этиш тўғрисида”ги фармонига асосан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий кирган бир гуруҳ шахслар ўз оилалари бағрига қайтди.
Авф этилганлар орасида Бағдод тумани Дўрманча маҳалласида истиқомат қилувчи Умиджон Хасанқўзиев ҳам бор. Унинг муддатидан аввал озодликка чиқиб, уйига қайтиши оила аъзолари учун катта қувонч бўлди.
Куни кеча Умиджон Хасанқўзиевнинг яшаш манзилига маҳалла масъуллари ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари билан биргаликда ташриф буюрилиб, унинг ҳолатидан хабардор бўлинди. Суҳбат жараёнида у аввалдан шуғулланиб келган тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш ниятида эканини билдирди. Шунингдек, билдирилган ишончни оқлаш учун бундан буён ҳалол ва астойдил меҳнат қилиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
— Мени авф этгани учун Президентимизга чексиз миннатдорлик билдираман. Қилган хатойимдан қаттиқ пушаймонман. Энди оилам ва юртимиз равнақи учун ҳалол меҳнат қилиб, билдирилган ишончни албатта оқлайман, — деди У.Хасанқўзиев.
Хулоса қилиб айтганда, авф этиш сиёсати инсон тақдирига бефарқ бўлмаган, адолат ва инсонпарварликка асосланган давлат сиёсатининг ёрқин намунасидир. Бундай эзгу қарорлар адашган фуқароларнинг жамиятга қайта мослашишига, ўз ҳаётини янгидан бошлашига хизмат қилади. Энг муҳими, авф этилган ҳар бир шахс билдирилган ишончни оқлаб, жамиятда муносиб ўрин эгаллашига замин яратади.