Еттинчи чақириқ халқ депутатлари Бағдод тумани Кенгашининг навбатдаги ўн олтинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда депутатлар, туман раҳбарлари, тегишли идора ва ташкилотлар масъуллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Алибек Турсунов иштирок этди. Сессия ишини Кенгаш раиси, туман ҳокими Ғанижон Солиев бошқариб борди.
Сессия Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграши билан очилди. Кун тартибига қатор муҳим масалалар киритилиб, муҳокама қилинди. Жумладан, Бағдод туманининг 2026 йилги маҳаллий бюджети, 2026 йилда туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури, Президентнинг Фарғона вилоятини ривожлантиришга оид ПҚ-440-сонли қарори ижроси, шаҳарсозлик ҳужжатлари ижроси, “Аёллар дафтари”нинг 6-босқичи доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда бошқа масалалар кўриб чиқилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳририга мувофиқ, халқ депутатлари Кенгашига депутатлар орасидан сайланган раис бошчилик қилиши масаласи ҳам сессияда асосий мавзулардан бири бўлди. Қонун талабларига мувофиқ, халқ депутатлари Бағдод тумани Кенгаши раиси сайлови белгиланган тартибда ўтказилди.
Сиёсий партиялар вакиллари гуруҳи томонидан тавсия этилган номзодлар муҳокамасидан сўнг, “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 7-Тувадоқ сайлов округи депутати Каримова Дилфуза Ўткировна халқ депутатлари Бағдод тумани Кенгаши раиси этиб сайланди.
Сессия якунида кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.