Иккита мини стадион футболсевар ёшлар учун айни муддао бўлди. «Иттифоқ» маҳалласида жойлашган ушбу спорт мажмуаси бир неча йиллардан буён таъмирталаб ҳолда эди.
Тадбиркор Дурбек Мирзанабиев ташаббуси билан 400 миллион сўм ўз маблағлари ҳамда 280 миллион сўм имтиёзли кредит ҳисобидан мажмуа тубдан таъмирланиб, замонавий кўринишда ёшлар ихтиёрига топширилди.
Тантанали маросимда Бағдод тумани ҳокими Ғанижон Солиев иштирок этар экан, шундай деди:
— Ёшларимиз соғлом, маънан етук, жисмонан бақувват бўлиши учун бундай спорт иншоотлари жуда зарур. Бу мажмуа нафақат ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга хизмат қилади, балки туманда спорт турларини оммалаштириш, иқтидорли ёшларни кашф этишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграганидан сўнг туман прокурори Акмалжон Мухторов, ҳоким ўринбосарлари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ва фаоллари жамоалар ўртасидаги футбол мусобақасига старт берди.